Касалликни даволашдан унинг олдини олиш осон иборасини кўп марта эшитган бўлсангиз керак. Касаликнику, ҳар ким ҳам ўзича даволай олмайди, лекин ўз саломатлигини асраш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Бунинг учун касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини билиб, уларни бартараф қилишнинг ўзи кифоя.
Тиббиёт статистикасининг далолат беришича, организмнинг механик жароҳатланишидан бошқа барча касалликлар одам жисмида ўрнашиб олган паразитлар туфайли юзага келади.
Инсон туғилишидан умрининг охиригача организмда нотўғри турмуш тарзи туфайли тушиб қолган паразитлар билан аёвсиз кураш боради. Киши жисмини озуқа манбаи ва яшаш муҳити сифатида эгаллаб олган паразитлар кўпгина жиддий касалликларнинг келиб чиқиш сабабчисидир.
Паразитлар бир марта одам организмига тушиб, уни бутун умр тарк этмаслиги ва ичдан емириб бориши мумкин. Шуниси ҳайрон қоларлики, инсон танасида бир вақтнинг ўзида острица, қилбош, хламидия ва трохомонада, амёба ва аскарида, лямблия ва кандида замбуруғлари каби ҳам бир ҳужайрали, ҳам кўп ҳужайрали паразитлар мавжуд бўлиши мумкин. Бу жонзотлар инсон организмидан иложи борича кўпроқ озуқа моддаларни тортиб олишга ҳаракат қилади. Қон ва лимфа оқими орқали барча органларга етиб бориб имммунитет тизими фаолиятини сусайтиради, яъни турли касалликлар учун кириш эшигини очиб беради.
Тери тошмалари, себорея, тери юзаси дағаллиги, турли доғлар, юзга эрта ажин тушиши, товоннинг ёрилиши, тирноқларнинг мўртлашиши ошқозон-ичак тизимидаги жонзотларнинг ҳаёт фаолияти натижасидир. Булар оддий ёки мушук лямблиялари, трихомонадалар ёки уларнинг биргаликда мавжудлигидан дарак беради.
Организмда паразитлар мавжудлигининг белгилари сифатида тана вазнинг ортиши ёки озиб кетиш, доимий очлик сезгиси, оғизда нохуш таъм сезиш ва бадбўй нафас кабиларни келтириш мумкин. Аёллар организмида паразитлар мавжудлиги оқмалар, тухумдон яллиғланиши, оғриқли ҳайз, дармонсизлик, ойлик циклнинг бузилиши, миома, мастопатия, қовуқ ва буйраклар яллиғланишида намоён бўлади.
Эркаклар организмида паразитлар келтириб чиқарган асоратлар сифатида простатит, аденома, цистит, буйраклар ва қовуқда қум ва тош ҳосил бўлиши, мизож сустлигини кўрсатса бўлади. Ҳар қандай касалликнинг юзага келиш кетма-кетлигини қуйидагича ифодаланади:
1. Нотўғри овқатланиш, нотўғри турмуш тарзи ичакларда ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари туриб қолишига олиб келади.
2. Ичаклардаги овқат қолдиқларида организмга турли йўллар билан тушган (ювилмаган қўл, яхши ювилмаган мева-сабзавотлар, уй ҳайвонлари ва бошқа кишилар орқали, паразитлар тухум ва споралари бўлган ҳаво ёки сув орқали) паразитлар ривожлана бошлайди.
3. Паразитлар овқатнинг фойдали моддаларини тортиб олиб, ўз чиқиндилари бўлган заҳарли моддаларни ажратади.
Организмнинг паразитлар ажратиб чиқарган моддалардан заҳарланиши белгилари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
-Аллергия;
-Қичувчи тери тошмалари;
-Бош оғриғи;
-Бош айланиши;
-Уйқусизлик;
-Уйқуда тишни ғичирлатиш;
-Жисмоний ва ақлий толиқиш;
-Асабийлашиш;
-Болалар бўйининг ўсишдан тўхташи;
-Сочларнинг сийраклиги ёки тўкилиши;
-Тери рангининг сарғиш бўлиши;
-Теридаги аниқ чегараланган майда оқ доғлар;
-Иштаҳасизлик;
-Киндик соҳасида оғриқ бўлиши;
-Ич қотиши;
-Кўнгил айниши;
-Шишлар;
-Касалликларга тез чалиниш(иммунитет сусайиши).
Унутмаслик керакки, организмнинг узоқ муддат гижжалар ва бошқа паразитлар билан заҳарланиши кейинчалик тузатиб бўлмайдиган асоратларга олиб келиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда организмни паразитлардан тозалашнинг синалган, энг мақбул усулларини тавсия қилишни лозим топдик. Одатда, оиланинг бирор аъзоси гижжа инфекциясини юқтирса, маълум вақтдан сўнг у қолганларга ҳам ўтади. Демак, инфекциядан халос бўлиш амалларини оиланинг барча аъзолари қўллагандагина ижобий натижага эришилади.
1. Одам организми учун беозор ва ҳеч бир зарарсиз гижжа ҳайдовчи қовоқ уруғи ҳисобланади. Бунинг учун кечқурун қовоқ уруғлари мағиз устидаги шаффоф пардаси сақланган ҳолда тозаланади. Эртасига эрталаб наҳорга 300 грамм тозаланган қовоқ уруғини шошилмай чайнаб ейилади ва икки соатдан сўнг сурги дори ичилади. Бир ҳафта оралатиб яна икки марта такрорланади. Бу муолажани болалар ва ҳомиладор аёлларга ҳам тавсия қилиш мумкин.
2. “Рус тройчаткаси” деб аталувчи, таркибига кирувчи унсурлар ҳамма вақт дорихоналар ва бозордан топиладиган, барча турдаги паразитларга қирон келтирувчи восита. Унинг таркиби дастарбош гуллари( цветки пижмы), аччиқ шувоқ ўти(трава полыни горькой) ва қалампирмунчоқ(гвоздика) кукунларидан иборат бўлади. Бу унсурларнинг барчаси ўт ҳайдаш, гижжа тушириш, микробларга қирон келтириш, антисептик ва иситма тушириш таъсирига эга. Бир марталик қабул меъёри дастарбош гуллари учун – 1 г; аччиқ шувоқ учун – 200-300 мг; қалампирмунчоқ кукуни учун – 0,5 г. Улар аралаштирилган ҳолда сув билан ютиб юборилади.
“Рус тройчаткаси”ни ҳафта давомида қуйидаги тартибда ичилади:
Биринчи кун – овқатланишдан ярим соат олдин бир марта;
Иккинчи кун – нонушта ва тушликдан ярим соат олдин;
Учинчи ва ҳафтанинг кейинги кунлари – кунига уч марта: нонушта, тушлик ва кечки овқат олдидан. Шундан сўнг ҳафтада бир марта кунлик доза икки ой давомида қабул қилинади.
Агар биз тавсия қилаётган таркибни ўзингиз мустақил йиғиб тайёрлаш қийин вазифа бўлиб кўринса, у ҳолда Ўзбекистон халқ табобати академияси азмойишхонасида тайёрланиб дорихоналарга чиқарилаётган “ОСИЁ-125” дамламасини қўллашингиз мумкин. Организмни тозалашнинг ушбу воситаси ошқозон-ичак тизимидаги барча турдаги гижжалар билан биргаликда жигардаги лямблиялардан ҳам самарали халос қилади.
Латифжон Мамажонов – Ўзбекистон халқ табобати академияси аъзоси,
биология фанлари номзоди