Бепуштлик
Икки ёш орзу-ҳаваслар билан оила қурар экан, биз ҳамиша уларга бахтли ҳаёт кечириб қўша қаришларини, эл-юрт ишига камарбаста, солиҳ фарзандларнинг ота-оналари бўлишларини тилаб дуо қиламиз. Лекин айрим хонадонларда эр-хотин иттифоқини мустаҳкам оила ришталари билан боғловчи фарзанддан ҳадеганда дарак бўлавермайди.
Одатда, оилавий ҳаётнинг дастлабки икки йилида ҳомиладорлик юз бермаслиги фарзандсизлик деб баҳоланади ва эр-хотиннинг тиббий кўрикдан ўтиши тавсия қилинади. Тиббий кўриклар рўйхати кўрсатишича, фарзандсизликнинг учдан бирига эркаклар бепуштлиги, яна учдан бирига аёллар бепуштлиги, қолган учдан бирига ҳар икки оила аъзосининг бепуштлиги сабаб бўлади. Бепуштлик жинсий аъзолар тизими ривожланишидаги ноқисликлар, эр-хотин иккиси ёки улардан бирининг жинсий органлари касалланиши, эндокрин бузилишлари, организмнинг умумий касалликлари, руҳий тушкунликлар, жинсий органларнинг сурункали яллиғланиш касалликлари туфайли юзага келади. Булардан ташқари ирсий ва иммунологик омиллар ҳам таъсир этиши мумкин. Кўриниб турибдики, бепуштлик алоҳида касаллик бўлмасдан, организмдаги турли касалликларнинг келтириб чиқарган оқибати саналади.
Бепуштлик сабаблари
Мутахассислар аёллар бепуштлигининг учта сабабини кўрсатадилар: тухум ҳужайра етилишидаги муаммолар, бачадон найчаларидаги ўзгаришлар ва эндометриоз(бачадон шиллиқ қатламининг кўчиши). Эркаклар бепуштлиги асосан уруғлардаги ўзгаришлар, унинг миқдори камлиги, уруғ ҳужайралар фаоллиги пастлиги туфайли рўй беради.
Кўп ҳолларда фарзандсизлик сабаби аниқланмай қолади, яъни эр-хотин соғлом деб топилади(замонавий тиббиётда бундай ҳолат учун аниқ ташхис бўлмасада, ўзбек халқ табобатида “эр-хотин мизожининг номувофиқлиги” ташхиси қўйилади ва самарали даволанади).
Фарзандсизлик муаммоси билан тегишли тиббий муассасаларга учраганларнинг деярли барчасида тос аъзоларида сурункали яллиғланиш аниқланади. Эркакларда сурункали простатит, аёлларда найчаларнинг сурункали яллиғланиши кузатилади.
Шундан сўнг сарсон-саргардонликлар бошланади: тавсия қилинган бир-биридан кучли антибиотикларни узлуксиз қабул қилиш натижасида ичаклар, жигар, ошқозон ости бези, буйракларда муаммолар вужудга келади, лекин орзиқиб кутилган ҳомиладорликдан дарак йўқ..
Нима учун компьютерлаштирилган янги медицина нанотехнологиялари, суперзамонавий кимёвий препаратлар ёрдам беролмаяпти? Нима учун телевидение экранида узлуксиз реклама қилинаётган чиройли, қимматбаҳо чет эл таблетка ва капсулаларининг таъсири сезилмаяпти?
Бу саволларнинг жавобини ҳар бир киши ўз турмуш тарзидан қидиришига тўғри келади. Юксак техника асрининг аҳолиси табиат билан ҳамжиҳатликда яшашни унутиб қўйди. Зарурат бўлганда таблетка ичиш, жуда бўлмай қолганда реклама қилинишига кўра “оғриқсиз, кесмасдан, тикмасдан бажариладиган лазер операциялари”га ишониб қолдик.
Ваҳоланки, улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Сино инсон табиатнинг ажралмас бир бўлаги эканлиги, ўз ҳаёт тарзини табиат билан уйғунлаштириши ва саломатлик муаммоларини ҳал қилишда ҳам табиатдан чора излаши лозимлигини кўрсатиб, ўша даврда маълум бўлган барча касалликлар, жумладан, бепуштлик учун ҳам табиий дори-дармонлар йиғмалари, улардан фойдаланиш тартибини муфассал баён қилган эдилар.
Ибн Сино таълимоти асосида инсон ва табиатнинг бир бутунлиги, ҳар бир кишининг жисми ўзи ўсиб улғайган Ватан тупроғидан бунёд бўлганлиги ва унинг хасталиклари учун энг самарали шифо воситалари ана шу тупроқда ўсган гиёҳларда эканлиги тушунчаси ётади.
Фарзандталаб барча оилаларга ниятлари ижобат бўлишини тилаган ҳолда, атрофимиздаги табиатда беминнат ўсиб ётган беозор, мутлақо безарар ҳамда самарали таъсири асрлар давомида синовдан ўтган гиёҳларни қўллаб кўришни тавсия этамиз.
Зубтурум уруғи
Зубтурум уруғининг қайнатмаси эркаклар ва аёллар бепуштлигини даволашда бирдай самарали таъсирга эга.
Аёлларда бепуштлик найчалар яллиғланиши туфайли юз берганда айниқса фойдали. Бунинг учун бир ош қошиқ уруғ бир стакан (200 г) сувда паст оловда 4-5 минут қайнатилиб, сўнг дам едирилади ва сузиб олинади. Кунига 4 маҳал 2 ош қошиқдан ичилади. Қайнатмани 2-3 кун совутгичда сақлаш мумкин.
Қизил тасма ўти
Бу ўт дамламаси билан аёллар бепуштлиги тухумдонлар ва бачадон иши бузилиши туфайли юзага келганда яхши натижа беради. 3-4 ош қошиқ қуритилган ёки янги терилган ўт термосда ярим литр қайноқ сувда дамланиб, 4 соатдан сўнг ярим стакандан овқатланишдан 20-30 минут олдин кунига 4 маҳал ичилади.
Маврак ўти
Тиббиётнинг отаси ҳисобланмиш Гиппократ мавракни “муқаддас гиёҳ” деб таърифлаган ва аёллар бепуштлигида фойдали деб тавсия этган. Маврак таркибида бўлган ўсимлик гормонлари аёллардаги эстроген гормонларига ўхшаш таъсирга эга. Шунинг учун ҳам 35 ёшдан ошган аёлларга йилига 3 марта бир ойдан ёшариш муолажасини ўтказиш маслаҳат берилади, бунда ҳар куни эрталаб мунтазам 1 чой қошиқ маврак 1 стакан сувда дамланиб наҳорга ичиш буюрилади.
Аёллар бепуштлигида 1 чой қошиқ маврак 1 стакан қайноқ сувда дамланиб, 1 ош қошиқдан эрталаб наҳорга ва ётиш олдидан ҳайз тугаган кундан бошлаб 11 кун давомида ичилади. Даволаниш курси 3 ой, агар кутилган ҳомиладорлик юз бермаса бир ойдан сўнг яна қайтарилади.
Шуни унутмаслик лозимки, шаҳар ва қишлоқлар ҳудудидан, йўл четларидан терилган доривор гиёҳлар фойдаланиш учун яроқсиз ҳисобланади.
Латифжон Мамажонов – Ўзбекистон халқ табобати академияси аъзоси, биология фанлари номзоди